Жорий йилнинг биринчи ярмида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича 8 та маъмурий ва 13 та жиноят иши қўзғатилди, дейди Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати раҳбари Рушана Алиакбарова.
Жумладан, Жиноят кодексининг 110, 119, 112, 118, 135 ва 127-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 129, 128, 138 ҳамда 277-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Болага нисбатан қўпол муомалада бўлгани учун 2 нафар ички ишлар органлари ходимларига интизомий жазо чора қўлланилди.
Таълим муассасаларида 3 нафар педагог ходим ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги, болага жисмоний зўравонлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди, шундан 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Болага нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 10 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди.
4 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 нафари дори-дармон билан таъминланди.
3 нафар бола таълим муассасасига қабул қилинди, 2 нафар кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа тайинланди, 1 нафар болага таълим олиш учун шартнома пуллари тўлаб берилди.
1 нафар боланинг мерос ҳуқуқига оид улуши бўлган уй-жойга тақиқ солинди. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 6 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.