Футзал бўйича жаҳон чемпионати Марказий Осиёда, аниқроғи Ўзбекистонда илк бор ўтказилади. Тарихда 10 марта ўтказилаётган мусобақа 14 сентябрдан 6 октябрга қадар бўлиб ўтади.
Учрашувлар Тошкент, Бухоро ва Андижонда бўлиб ўтади. Пойтахтда ўйинларга «Humo Arena» (27 та ўйин), Бухорода янги қурилган спорт мажмуаси (17 та ўйин), Андижонда (8 та ўйин) ўтказилади. Турнирнинг ярим финал ва финал баҳслари ҳам «Humo Arena»да бўлиб ўтади, деб хабар берди «Взгляд.уз» мухбири.
Шунингдек, терма жамоалар машғулотлари учун 8 та спорт зали ажратилади.
Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон Парагвай, Коста-Рика ва Нидерландия жамоалари билан «А» квартетидан жой олди. Ўзбекистон илк ўйинни 14 сентябрь куни Нидерландия терма жамоасига қарши ўтказади.
А гуруҳи:
Ўзбекистон
Парагвай
Коста-Рика
Нидерландия
B гуруҳи:
Бразилия
Таиланд
Хорватия
Куба
C гуруҳи:
Аргентина
Украина
Афғонистон
Ангола
D гуруҳи:
Испания
Қозоғистон
Янги Зеландия
Ливия
E гуруҳи:
Португалия
Марокаш
Тожикистон
Панама
F гуруҳи:
Эрон
Франция
Венесуэла
Гватемала
Эслатиб ўтамиз, чипталар онлайн платформаларда мавжуд бўлмайди. Замонавий технологиялар (ҚР кодлар) ёрдамида жаҳон чемпионати учун чипталар ва аккредитациядан ўтган шахсларни аниқлаш, рўйхатдан ўтказиш ва текшириш учун жаҳон чемпионати учун махсус платформа яратилади.
2024 йил август-октябрь ойларида жаҳон чемпионатига аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, жаҳон чемпионати ўйинларига чипта олган хорижлик ва маҳаллий мухлислар учун поезд чипталарига 50 фоизлик чегирмалар тақдим этилади.
Жаҳон чемпионатига аккредитациядан ўтган ва ўйин кунлари учун чиптага эга бўлган шахсларга жамоат транспортидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имконияти берилади.