Экология вазирлиги БМТТД билан янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича келишув имзолади

Ўзбекистон

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги БМТТД билан «Яшил макон» ташаббусини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун бош режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади.

Учрашув чоғида Экология вазирлиги ва БМТТД ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қиймати 10 млн доллардан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, биохилма-хилликни асраш, Оролбўйининг сув-ботқоқ ерлари, ўрмонзорлар барпо этиш, чиқиндилар ва хавфли кимёвий моддалар билан ишлаш ва бошқа йўналишларда умумий буджети 20 млн доллар бўлган янги лойиҳаларни ишга туширишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

«Ҳозирда биз нафақат Экология вазирлиги, балки бутун экологик комплексни тубдан ўзгартириш жараёнида турибмиз. Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш ва атроф-муҳитни бошқариш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа ҳисобланади», — деди вазир.

Учрашув якунлари бўйича томонлар «Яшил макон» ташаббусини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун бош режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар, шунингдек, 2025 йилда ишга тушириладиган Кичик грантлар дастурининг навбатдаги босқичини бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид материаллар