Мексиканинг амалдаги президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор Украинанинг 1 октябрь куни навбатдаги давлат раҳбари инаугурациясида иштирок этиш учун Владимир Путин мамлакатга келса, уни ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосини рад этди.
8 август куни Украинанинг Мексикадаги элчихонаси Мексика расмийларидан Путинни ҳибсга олишни сўраб мактуб чоп этганди. Мактубда таъкидланишича, Мексика янги президент Клаудия Шейнбаум инаугурациясига ўзи билан дипломатик алоқада бўлган барча мамлакатлар вакилларини таклиф қилмоқда.
Шу билан бирга, элчихона Путинни ҳибсга олиш учун Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) ордери борлигини маълум қилди. Мексика ХЖСнинг юрисдикциясини тан олади, дея эслатди Украина элчихонаси.
«Биз буни қила олмаймиз. Бу бизга боғлиқ эмас», — деди Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес матбуот анжуманида, деб ёзади Reuters.
Агентлик бошқа тафсилотларни келтирмаган.