Шавкат Мирзиёев 9 август куни Қозоғистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечираётганини таъкидлади. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан тўғри таъсир кўрсатмоқда.
«Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда», — деди давлат раҳбари.
Минтақа барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолди. Бу минтақадаги барқарорликка ҳам таъсир қилади. Мирзиёев Марказий Осиё келажаги мамлакатлар ва халқларнинг умумий саъй-ҳаракатлари, ҳамкорликка тайёрлигига боғлиқ эканини таъкидлади.
Президент ташқи сиёсат идоралари томонидан стратегик ҳужжат — Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Шунингдек, давлат раҳбари сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш мақсадида миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини ўрганиш ва «Битта тур — бутун минтақа» тамойили бўйича оммавий туризм маҳсулотларини ривожлантиришни таклиф қилди.