Тошкент ҳокимлиги ер участкаларини сотиш бўйича янги онлайн платформани ишга туширди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Олмазор туманида жойлашган болалар майдончаси атрофидаги вазият қизғин муҳокама қилинди. Пойтахт ҳокимлиги эътибор учун миннатдорлик билдириб, ер участкаларини сотиш платформаси шаффоф ишлашига ишонтирди.
«Платформа — E-auksion тизими билан интеграцияланган шаффоф аукцион тамойилидаги майдонча. Объектларни сотиш ёки ижарага беришдан олинган барча маблағлар маҳалла ва туман ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади», — дейилади хабарда.
Бундай объектларни сотиб олиш тадбиркорга масъулият юклайди ва натижада аҳоли фаровонлигига хизмат қилади: янги иш ўринлари яратилади, инфратузилма яхшиланади, ижтимоий-иқтисодий самара беради.
Янги электрон савдо майдончасида ҳудудга қараб участка танлаш мумкин. Лот танлаб бўлингач, объект ҳақида қисқача маълумот ва электрон аукцион сайтига ҳавола кўрсатилади.