БМТ бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан резолюцияни қабул қилди

Ўзбекистон

13 август куни БМТ бош ассамблеяси ўрмонларни барқарор бошқаришни ривожлантиришга қаратилган резолюцияларни бир овоздан қабул қилди. Лойиҳа «Яшил макон» дастури контсепциясига асосланган.

Фото: Ситуатив

2024 йил 13 августда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида БМТ бош ассамблеяси бир овоздан «Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш — экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциясини қабул қилди.

Мазкур резолюция президент ташаббуси билан мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган «Яшил макон» миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда давлат раҳбарининг бош ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгаришига ва ерларнинг деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.

Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Бельгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.

Мавзуга оид материаллар