Шавкат Мирзиёев Бухорода кўчалар бўйлаб кафе ва дўконлар очишга буйруқ берди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабарида айтилади.
12 август куни бўлиб ўтган вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда Президент вилоятда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга оид қарор имзоланганини маълум қилди. Ушбу ҳужжат 54 та кўча ва 62 та ҳудудни қамраб олади.
«Барча кўча ва ҳудудлар 10 та лойиҳалаш ташкилотидан бирига бириктирилади. Мазкур ҳудудларда хизмат кўрсатиш объектларини қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш туман ҳокимлари зиммасига юклатилади», — деди давлат раҳбари.
Мазкур лойиҳа доирасида жами 2 мингта корхона ташкил этиш, 6 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳар бир ҳудудда меҳмонхона корхоналари, тиббиёт муассасалари, умумий овқатланиш корхоналари, ҳунармандчилик устахоналари, савдо нуқталари ва шахсий хизматлар мавжуд.
Президентимиз йил охиригача минтақага камида бешта халқаро меҳмонхона ва ресторанлар тармоғини жалб этиш вазифасини қўйди. Бундан ташқари, Бухоро шаҳрида 20 та маҳаллий умумий овқатланиш ва жойлаштириш тармоғининг филиалларини очиш режалаштирилган.
Ҳар бир туман ва маҳаллада мавжуд тадбиркорлик имкониятлари ҳақидаги маълумотлар махсус онлайн платформаларда жойлаштирилади.
Аввал хабар қилинганидек, давлат раҳбари Бухоро вилоятини ривожлантириш учун қўшимча 100 миллион доллар ажратилишини маълум қилган эди. Шунингдек, у 10 кун ичида «хизмат ипотека»ларини чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
Тўлиқ фойдаланилмаётган маҳаллий ўқув бинолари ва иншоотлари тадбиркорлар учун фойдаланишга топширилади.