Ўзбекистонда зўравонликдан жабр кўрган болалар ҳимоя ордеридан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кунгача бўлган муддатга берилади. У зўравонлик қурбонига ёки унинг қонуний вакилига ваколатли давлат органи иштирокида тақдим этилади.
Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилмоқда.