Қашқадарё вилоятида Gentra ҳайдовчиси икки пиёдани уриб юборди. ЙТҲда иштирок этган қизлардан бирининг онасининг айтишича, машинани Қарши тумани ҳокимининг жияни бошқарган.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ЙТҲ Қарши туманида содир бўлган. Ҳайдовчи Қарши-Бешкент-Касби-Миришкор автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Бироқ машинани ҳайдаб кетаётиб, икки пиёдани пайқамай, уларни уриб юборган.
Пиёдалар турли тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Қарши туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ интернетда қизнинг онаси президентдан ёрдам сўраган мурожаат тарқалган эди.
«Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, кеча Қарши тумани ҳокимининг жияни ёлғиз қизимни йўл четида уриб кетди. Мен касалхонада ёлғизман, уни урган йигит кўринмади. Мен уни топиш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига мурожаат қилдим. Мен терговчига қўнғироқ қилдим, у телефонни ўчириб қўйди. Қизимга жиддий тиббий ёрдам керак», — дейилади мурожаатда.