Мирзиёевнинг Нукусда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти чоғида президент электр энергетикасига хусусий сектор фаол жалб этилганини таъкидлади. Давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилди, айни пайтда 31,5 миллиард долларлик 50 та янги ташаббус амалга оширилмоқда.
Тармоқ инфратузилмасини бошқариш босқичма-босқич хусусий компанияларга топширилади. Октябрь ойида Самарқанд вилоятида, 2025 йилда эса Жиззах ва Сирдарё вилоятларида электр тармоқларини хусусий операторга ўтказиш бўйича тендер бошланади.
Минерал хомашёни ўзлаштиришга хусусий секторни жалб этиш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Йил бошидан буён тадбиркорлар 150 дан ортиқ кон ва участкаларни ўзлаштириш ҳуқуқига эга бўлди.