АФП: Дуровни ҳибсда сақлаш муддати узайтирилди

Dunyo

Франция суди Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини узайтиришга қарор қилди. Қонунга кўра, ҳибсда сақлаш муддати 96 соатдан ошмаслиги керак. Аввалроқ Telegram ҳамжамияти вазият юзасидан расман изоҳ бериб, мессенжер Европа Иттифоқи қонунларига амал қилишини таъкидлаганди.

Фото: Павел Дуровнинг Telegram канали

Франция суд идоралари якшанба куни россиялик Telegram асосчиси ва раҳбари Павел Дуровни Париж аэропортида машҳур, аммо баҳсли хабар алмашиш иловаси билан боғлиқ жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинганидан сўнг ҳибсга олиш муддатини узайтирди, деб ёзади AFP ўзининг Х.

Қонунга кўра, ҳибсда сақлаш муддати 96 соатдан ошмаслиги керак. Бу муддатдан кейин судья маҳбуснинг келажакдаги тақдири ҳақида қарор қабул қилиши керак: ё уни озод қилиш ёки айблов қўйиш.

Аввалроқ Telegram ҳамжамияти вазият юзасидан баёнот берган эди:

«Telegram Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга мос келади — унинг модерацияси саноат стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади. Телеграм бош директори Павел Дуров яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади.

Ушбу платформани суиистеъмол қилиш учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар деб даъво қилиш бемаъниликдир. Дунё бўйлаб деярли миллиард фойдаланувчи Telegramʼдан алоқа воситаси ва муҳим маълумотлар манбаи сифатида фойдаланади. Биз бу вазиятнинг тезроқ ҳал этилишини кутамиз. Телеграм сиз билан».

Шунингдек, Илон Маск Дуровдан фарқли равишда Цукерберг нима учун ҳеч қачон ҳибсга олинмаслигини тушунтиргани ҳақида ёзгандик.

Эслатиб ўтамиз, шанба куни кечқурун Франция ОАВлари Telegram асосчиси Ле-Бурже аэропортида қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Бу бизнесмен Озарбайжондан келгани айтилаётган шахсий самолётдан тушаётганда содир бўлган. Франция матбуотининг ёзишича, Франция фуқаролигига эга Дуров мамлакатда қидирувга берилганлар рўйхатида бўлган.

Россиянинг Париждаги элчихонаси вакили Франция расмийларидан Дуровнинг ҳибсга олиниши сабабларини тушунтириш сўрови ҳақида хабар берди ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилди, аммо дипломатик миссия матбуот хизмати таъкидлаганидек, француз томони «муросага келишдан бош тортмоқда».

Mavzuga oid materiallar