Президент Шавкат Мирзиёев фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, фармонда соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим олтита йўналиши белгилаб берилган бўлиб, улар мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга хизмат қилади.
Президент давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар учун муносиб лойиҳаларни танлаш сифати ва шаффофлигини ошириш мақсадида соҳадаги институционал ўзгаришларни қўллаб-қувватлади.
Жумладан, парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини ва унинг ҳудудий бўлинмаларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилиб, бу орқали ижтимоий лойиҳаларнинг мақсадли йўлга қўйилиши, бюрократияга барҳам берилиши таъминланади.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалар ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.
Фармон билан ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилади:
ҳар йили давлат органлари томонидан ижтимоий буюртмалар бўйича танловлар ўтказиш;
давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклик ташаббускор лойиҳаларини БҲМнинг 1000 бараваригача бўлган миқдорда танловлар ўтказмасдан молиялаштириш ҳуқуқи берилади;
Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шерикликка асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишга жалб этиш бўйича алоҳида дастур қабул қилади.
Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига қуйидаги имтиёзлар берилади:
давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилди;
2025 йил 1 январдан ногиронлар, фахрийлар, аёллар ва болалар уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи 2 баравар камайтирилди;
ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ҳомийлик ташкилотларининг солиқ солинмайдиган хайрия маблағлари миқдори 15 миллион сўмдан 34 миллион сўмга (БҲМнинг 100 баробари) оширилди.