Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский 2024 йил 5-6 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Унинг ташрифи Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва бутун минтақа билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини кўрсатади.
Ташриф доирасида комиссар Войсеховский «Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлайди. У ўз нутқида Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалигини юритишнинг барқарор усулларини қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий саъй-ҳаракатлари ҳақида, айниқса, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда тўхталиб ўтади.
Форумда иштирок этишдан ташқари, комиссар Войсеховский Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Ушбу учрашувларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо истиқболлари ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббуслар муҳокама қилинади. Ўзаро манфаатли соҳаларга алоҳида эътибор қаратилиб, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам, ундан ташқарида ҳам муносабатларни чуқурлаштириш йўллари ўрганилади.
Ушбу ташриф Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан давом этаётган ҳамкорлигида муҳим қадам ҳисобланади. У иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат сифатини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш каби глобал муаммоларни ҳал қилишга бўлган умумий интилишни таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил март ойида Полшада фермерлар мамлакат бўйлаб 500 дан ортиқ тўсиқлар ўрнатиб, йўлларни ёпган эди. Бу ҳақда РМФ24 радиостанцияси хабар берган. Расмий маълумотларга кўра, намойишда 70 мингга яқин фермер иштирок этган. Кейинчалик маълум бўлишича, полшалик фермерларнинг норозилиги муаммосида Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войцеховский айбдор деб топилган. Айбдорнинг исми Полша бош вазири Дональд Туск идорасида маълум қилинган, деб хабар берди Эураcтив. Нашрнинг қайд этишича, Туск ҳукумати норози фермерлар билан келишувга эришишга ва уларнинг талабларини бажаришга ҳаракат қилган, аммо ҳукмрон лагерь ва мухолифат Войсеховскийни Европа комиссиясида фермерлар манфаатларини ҳимоя қила олмасликда айблаган.
Войцеховский Тускка қишлоқ хўжалиги сектори учун давлат ёрдамини сўраб хат йўллаб, Европа кенгашини шу ҳафтада аъзо давлатларга 2024 йил июнь ойидан кейин фермерларга молиявий ёрдам кўрсатиш имконини берувчи механизмни узайтиришга чақирган.
«Войцеховский ўз ишини қилиши керак, [Тускка] мурожаат қилмаслиги керак. Польшалик фермерларнинг аксарият муаммолари унинг фаолияти натижасида юзага келган», — деди Польша бош вазири девонхонаси раҳбари Ян Грабец. Шунга қарамай, польшалик фермерлар бу фикрга қўшилмайди ва Войцеховскийни ҳимоя қилади. «Комиссар Януш Войцеховскийга қарши қўйилган айбловлар мутлақо ўринсиз ва адолатсиз. У Ягона қишлоқ хўжалиги сиёсатини Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги тузилмасига мослаштиришга ҳаракат қилмоқда», — деди Польша паррандачилар ва ишлаб чиқарувчилар иттифоқидан Анджей Даниэлак.
Шунингдек, Войцеховский май ойи охирида Европа Иттифоқи миссияси доирасида Олмаота ва Остонага ташриф буюрган. Европа комиссари Қозоғистон Европа Иттифоқининг Европа озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари учун Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори эканлигини таъкидлаган. Қозоғистон бозори катта бўлмасада, минтақанинг асосий ва марказий бозори сифатида улкан истиқболга эга эканини алоҳида таъкидлаган.