Тадбиркорлар учун ортиқча электр ва газ истеъмолига қўшимча тўлов 10 бараварга камайтирилади

O‘zbekiston

Президент фармони билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг янги чора-тадбирлари жорий этилмоқда, жумладан, истеъмол ҳажми лимитларини ошириш, меъёрдан ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ва газ учун қўшимча тўловни камида 10 бараварга камайтирилади.

Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасига 1 ноябрга қадар электр энергияси ва газ учун олдиндан тўловни амалга оширишда бизнесга қулайлик яратиш, шунингдек, энергия ресурслари истеъмоли ҳажмининг шартномавий лимитларини ошириш чораларини кўриш топширилди.

1 ноябрдан бошлаб тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига ўз маблағлари ҳисобидан кичик бизнес субъектлари учун гаровсиз микрокредитлар миқдорини 300 миллион сўмгача оширишга рухсат берилди.

2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга пасайтирилади.

2028 йил 1 октябрдан 1 январга қадар туроператор ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи қайтарилади.

2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига ойлик айланмасининг камида 60 фоизи нақд пульсиз тўланган тақдирда ҚҚСнинг 40 фоизи қайтарилади. Агар 60% дан кам нақд пульсиз бўлса, 20% ҚҚС қайтарилади.

Шунингдек, экспорт операциялари бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаларини қоплаб беришда солиқ тўловчилар томонидан божхона органи белгиси қўйилган товарнинг кузатув ҳужжатларини солиқ органларига тақдим этиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан бошлаб электрон онлайн-аукционларда мулк ҳуқуқи асосида сотиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

2025 йил 1 январдан бошлаб давлат харидларини амалга оширишда товарларнинг ўзлаштирилганлик даражаси асосида ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш тизими жорий этилади.

1 ноябрдан бошлаб Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф омиллари реестри жорий этилади. Ушбу реестр асосида 2025 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиш мумкин бўлади.

Келгуси йилдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини аниқлаш бўйича «Риск таҳлили» тизими жорий этилади. Текширувлар ва касбий тадбирлар ташаббуси ушбу тизим натижалари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, манфаатдор идораларга фойда ёки бошқа солиқ солиш объектларини қасддан яширганлик, камайтириб кўрсатганлик, яъни солиқ ва йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган зарар миқдорини икки баравар ошириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Mavzuga oid materiallar