Рақобат қўмитаси ва Korzinka супермаркетлар тармоғининг иши якунланди. Чакана савдо компанияси янги ном остидаги энг оммабоп товарлар саватига энг паст нархларни ушлаб туришга қаратилган янги стратегиясини ишлаб чиқишни давом эттиради, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.
Жорий йилнинг июль ойида Рақобат қўмитаси Korzinka супермаркетлари тармоғи ўз коммуникацияларида «Кундалик харидлар учун энг арзон нарх» шиоридан фойдаланаётгани юзасидан тергов бошлади. Компанияга жарима белгиланди ва акцияни олиб ташлаш учун бир ойлик муддат берилди.
Ритейлер қўмита қарорига эътироз билдирмасликка қарор қилди ва энг паст нархлар стратегиясининг номини ўзгартирди. Энди у «Кундалик харидлар учун янада арзон нархлар» деб аталади, аммо моҳияти аввалгидек қолади.
«Korzinka бозордаги нархларни кузатиш ва кундалик зарур товарлар саватига энг ҳамёнбоп нархларни белгилаш сиёсатини давом эттиради. Бундан ташқари, биз дастур каталогини кенгайтирдик, ҳозирда унда 300 дан ортиқ товарлар тақдим этилган. Унда ҳар бир тоифада талаб юқори бўлган бренд маҳсулотлари янада кўпайди» — деди супермаркетлар тармоғи бош директори Руд Педерсен.
Кундалик харидлар янада паст нархларда» дастури Ўзбекистоннинг Korzinka мавжуд бўлган барча 12 ҳудудида ишлайди, дейилади хабарда.