Германия канцлери Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди.
Бу Шолснинг Марказий Осиё мамлакатларига биринчи ташрифи бўлади. У ушбу давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ишбилармон доираларнинг катта делегацияси ҳамроҳлигида у ерга боради.
Ташриф доирасида Шолс Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бундан ташқари, у 17 сентябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган 5+1 форматидаги «Марказий Осиё — Германия» иккинчи саммитида иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев Олаф Шольц билан 2023 йил сентябрь ойи охирида Берлинда худди шу саммит доирасида учрашган эди. Унда икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди, кўп қиррали ўзбек-немис ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ишбилармонлик шериклигини кенгайтириш, иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил май ойида Берлинга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланди.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баробарга ошди. Хусусан, Германиянинг «Volkswagen», «MAN», «CLAAS», «Siemens», «Linde», «Aurubis», «Henkel», «Knauf», «Papenburg», «Deutsche Kabel» ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиш, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва сув ресурсларини бошқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва мобиллик соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор янги аниқ таклифларни илгари сурди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишга ўзаро содиқлик билдирилди.
Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.
Учрашув якунида давлат раҳбари Германия Федерал Канцлерини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.