Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ТИВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги АОКА, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ва Халқаро пресс-клуб кўмагида илк бор БМТ Тараққиёт дастури томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро медиа-форум ўтказилди.
Форум Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлик бўлими, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва Ўзбекистон Республикаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Латвия, Сингапур, Филиппин, Австрия ва Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи оммавий ахборот воситалари журналистлари ва муҳаррирлари, вазирлик ва идоралар матбуот котиблари, халқаро экспертлар ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Форумнинг муҳим мавзулари сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситалари, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш майдончасини яратишдан иборат бўлди.
Хусусан, «Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли» мавзусидаги биринчи сессияда хорижий ва маҳаллий экспертлар, жумладан, «Transparency International LATVIA», «Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги» ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш стратегияси маркази экспертлари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни муҳокама қилдилар.
«Ахборот ахлоқи: замонавий ОАВ учун чақириқ ва ечимлар» сессиясида тадбир иштирокчилари оммавий ахборот воситаларида коррупция ҳолатларини аниқлашнинг муваффақиятли стратегиялари, коррупцияга қарши журналистика ахлоқи ва стандартлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида соҳа вакилларининг хабардорлигини ошириш масалалари бўйича фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Филиппин журналистика тадқиқот маркази ва Delfi.lv онлайн-янгиликлар портали вакиллари «Таҳлилий журналистиканинг истиқболлари ва журналистик суриштирувнинг роли» сессиясида сўзга чиқди.
Ўзбекистонда бугунги кунда журналистлар ва блогерлар мамлакатда коррупцияга қарши сиёсатнинг амалга оширилишига турли йўналишлар ва усуллар билан фаол кўмаклашмоқда. Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши аъзоларининг 12 фоизи, вилоят коррупцияга қарши курашиш кенгаши аъзоларининг 14 фоизи ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг 20 фоизи ОАВ вакиллари ва блогерлардир.
Шунингдек, коррупция ҳолатларини самарали аниқлаш ва олдини олиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш агентлигида журналистлар ва блогерлар клуби ташкил этилиб, тезкор ва самарали ҳамкорлик тизими яратилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида ўзбекистонлик журналист ва блогерлар учун медиа-мактаблар ташкил этилди. Медиа мактабларда журналист ва блогерларнинг журналистик суриштирувлар олиб бориш борасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган тренинглар ўтказилди. Айни пайтда медиа мактабларда 150 дан ортиқ маҳаллий журналист ва блогерлар таҳсил олмоқда.
«Биз ушбу мақсадларга эришишда ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар, хорижий мамлакатлар медиа саноати вакиллари ва кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашидан манфаатдормиз ва сиз билан ҳамкорликни кенгайтиришни доимо қўллаб-қувватлаймиз. Шу боис ушбу Форум барчамиз учун муҳим ва долзарбдир. Ўйлайманки, ушбу медиа-форум орқали бу мулоқотни ҳар йилги анъанага айлантирамиз», — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш масалаларини кенг ёритишда журналистларнинг малакасини ошириш, хусусан, бу борада журналистик суриштирувларни ривожлантириш, глобал миқёсда коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситаларининг асосий восита сифатидаги ролини кучайтириш бўйича янги ёндашув, тавсия ва стратегиялар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Форум иштирокчилари ўртасида ахборот ва тажриба алмашиш учун доимий фаолият юритувчи платформа яратишга келишиб олинди.