Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев 11 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида 1 сентябрдан бери водород сулфид сизиб чиқиши давом этаётган ҳолатга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, табиий газ уни ушлаб турган бир хил горизонталь қатламлар орасида юқори босим остида бўлади. Газ асосан метандан, шунингдек, пропан, бутан, водород сулфид, углерод (ИВ) оксид ва бошқа компонентлардан ташкил топган.
Қатламни бурғилаш ва уни парчалашда газ юқори босим остида чиқа бошлайди, баъзан авариялар, йирик ёнғинлар ва портлашлар содир бўлади.
«Бу қудуқ энди ўзлаштирилмоқда. 1 сентябрь куни сизиб чиқиш бошланганда ФВВ, Энергетика вазирлиги ва аҳолини ҳимоя қилиш учун масъул бошқа ташкилотлар қисқа вақт ичида бир нечта аҳоли пунктларидан одамларни эвакуация қилишди, улар кўчирилди... Бу газнинг табиатга салбий таъсирини камайтириш мақсадида бу жойда бурғилаш ускуналари ёнида қўшимча [қудуқ] қазилди ва кераксиз газлар аҳоли пунктларига тарқалмаслиги учун газ ёқиб юборилди. Бундай амалиёт бутун дунёда мавжуд», — деди Самандар Ҳикматуллаев.
«Газни ушлаб туриш ва сиқиш масалалари билан шуғулланувчи республика комиссияси тузилди», — деди у.
«Ҳозирда Энергетика вазирлиги асосий ишларни бажармоқда. Ушбу корхона билан ҳамкорликда штаб ташкил этилди. Ҳукумат комиссияси у ёқда... Аҳолига таҳдидларнинг иложи борича олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилмоқда», — деди мутахассис.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилининг маълум қилишича, қудуқни ёпиш ишлари яқин кунларда бажарилади.