Россия Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

O‘zbekiston

Россия Ўзбекистонда дрон ва полимер материаллар ишлаб чиқаришни, шунингдек, темир йўл ускуналарини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқда. Қўшма инвестиция лойиҳалари 60 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Фото: Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 9 сентябрь куни Россия Федерацияси бош вазири Михаил Мишустин билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилди Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россиянинг сармоявий лойиҳалари 60 миллиард долларга баҳолангани, Россия иштирокидаги компаниялар сони 3 мингдан ошгани таъкидланди. Кооперация энергетика, металлургия, тўқимачилик, кимё каби соҳаларни қамраб олади.

Арипов Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали фаолият юритаётгани, янгилари, жумладан, Бауман номидаги Бутунроссия ташқи савдо академияси ҳам очилишга тайёрланаётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, ҳамкорлик доирасида дрон ва полимер материаллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, темир йўл ускуналари ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Учрашув якунлари бўйича «Агроэкспресс» лойиҳаси юзасидан шартнома, шунингдек, дори воситаларини биргаликда маркалаш бўйича келишув имзоланди.

Mavzuga oid materiallar