2023 йилда коррупция жинояти учун судланган 566 нафар шахс давлат хизматига қайта ишга жойлаштирилди. Шундан сўнг улар яна коррупция жиноятларига йўл қўйишди, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида.
Тегишли статистикани депутат Умида Раҳмонова келтирди. У Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновдан Ўзбекистонда коррупционерлар реестри қачон жорий этилишини сўради.
«Антикор» раҳбари сентябрь ойи охиригача реэстрни жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини парламент қуйи палатасига киритишни режалаштираётганликларини айтди.
«Жорий йил бошида лойиҳани Президент Администрациясига тақдим этган эдик, бироқ маъмурият томонидан қатор эътирозлар билдирилди ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш вазифаси юкланди. Буни амалга оширдик, шу кунларда Президент Администрацияси орқали Қонунчилик палатасига сўнгги таҳрирни тақдим этишни режалаштирганмиз. Ўйлайманки, ой охиригача кўриб чиқишингизга тақдим этамиз», — деди Бурхонов.
Қайд этиш жоизки, реестрни ишлаб чиқиш Президентнинг 2021 йил 6 июлдаги қарори билан белгиланган.