«Камида 1 нафар олий маълумотли»: Мирзиёев кам таъминланган оилалар учун имтиёзлар эълон қилди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳар бир кам таъминланган оилада камида бир киши олий маълумотга эга бўлиши учун шароитлар яратилади.

Фото: Ситуатив / devedu.uz

Ўзбекистонда ҳар бир кам таъминланган оилада камида бир киши олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш бўйича йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ва техникумларнинг муваффақиятли ўқийдиган (уларнинг ўртача балли 80 фоиздан кам бўлмаган) ўқувчилари келгуси ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити олиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, олий ўқув юрти, коллеж ёки техникумга ўқишга киришда грант олиш учун зарур баллнинг 80 фоизини олган эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари қўшимча грантга даъво қилишлари мумкин.

Молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари йилига камида бир миллиард сўм миқдорида грантлар ажратиш мажбуриятини олади. Ушбу маблағлар кам таъминланган оилалар фарзандларининг ўзлаштириш даражасига қараб шартнома асосида ўқитиш харажатларининг 20% дан 80% гача қисмини қоплайди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага кам таъминланган оилалар фарзандларининг боғча, мактаб, техникум ва университетларда сифатли таълим олишини таъминлаш вазифаси қўйилди. Шунингдек, ушбу тоифадаги болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Mavzuga oid materiallar