Тошкент метрополитенида эскалаторларни сотиб олишда ортиқча харажат қилиш айбловларига изоҳ берилди. Журналистлар ва ишбилармонлар давлат харидини ўтказишнинг ҳалоллигига шубҳа билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида метрода «Халқлар дўстлиги» бекатининг иккинчи вестибюли ишга туширилган эди, у ерда янги эскалаторлар ўрнатилди. Эскирган лифтларни бошқа станцияларда, хусусан, «Новза» ва «Пахтакор» станцияларида ҳам алмаштириш режалаштирилган.
Очиқ маълумотларга кўра, ушбу учта бекат учун саккизта эскалатор сотиб олиш метрополитенга 10,5 миллиард сўмга (100 минг доллардан бироз кўпроқ) тушди. Эскалаторларни Mercury Solution компанияси етказиб берди. Бундай ускуналарни импорт қилиш билан шуғулланувчи журналистлар ва ишбилармонлар буни жуда қиммат деб ҳисоблашади.
Метрополитеннинг таъкидлашича, кўрсатиб ўтилган станцияларда ўрнатиш учун харид қилинган саккизта эскалатор тўлиқ юклама билан кунига 20 соат узлуксиз ишлай оладиган қурилмалардир. Улар «оғир турдаги» эскалаторлар туркумига киради ва фақат пойтахт объектларида қўлланилади. Ушбу эскалаторлар оддий «енгил» моделлардан тубдан фарқ қилади.
Шунингдек, метродагиларнинг маълум қилишича, ускуналарнинг барча техник ҳужжатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш маркази»да ўрганилиб, харид қилиш учун ижобий хулоса олинган.
Етказиб берувчини танлаш учун электрон савдолар ўтказилди. Дастлабки иккита тендер тўлиқ ҳужжатлар йўқлиги ва иштирокчилар сони етарли эмаслиги сабабли бекор қилинди. Учинчи танловда Mercury Solution компанияси ғолиб чиқди.
Метрополитеннинг тушунтиришича, аслида битта эскалатор 55 минг доллар туради. Қолган барча харажатлар умумий қийматида: ташиш — 16 минг доллар, божхона тўловлари - 3,6 минг доллар, қўшилган қиймат солиғи — 8,9 минг доллар, монтаж ва сертификатлаш - 11,8 минг долларни ташкил этди. Шартнома қийматига беш йиллик кафолат муддати ва қўшимча эҳтиёт қисмлар ҳам киритилган.
Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, метрополитен маъмурияти барча тегишли ҳужжатларни тақдим этишга ваъда бериб, мутахассислар иштирокида харид бўйича тадқиқот ўтказишни таклиф қилади. Шунингдек, метрополитен ҳозирда «Мустақиллик майдони» ва «Ҳамид Олимжон» бекатлари учун эскалаторлар харид қилиш бўйича тендер ўтказилаётгани, унда барча хоҳловчи компаниялар иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди.