«Мансабдор-тадбиркорларнинг янги гуруҳи фош этилди»: Аксилкоррупция агентлиги яна учта вазирликни текширди

O‘zbekiston

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги яна учта вазирликни текшириб, ушбу идораларнинг 107 нафар раҳбар ходими 116 та тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси эканлигини аниқлади.

Фото: Ситуатив

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Агентлик мутахассислари Транспорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлардаги вазиятни ўрганиб чиқди.

Маълум бўлишича, ушбу идораларнинг 107 нафар раҳбар ходими 116 та тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси бўлган. Улардан:

  • Транспорт вазирлигининг 50 нафар ходими — 55 та корхонада;

  • Халқ таълими вазирлигининг 37 нафар ходими — 39 та корхонада;

  • Маданият вазирлигининг 20 нафар ходими — 22 та корхонада.

Агентлик аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берди.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига кўра, давлат хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиш, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлиш, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш ҳуқуқига эга эмас. Бундан қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар доирасида акциядорлик жамиятларининг эркин муомаладаги акцияларига эгалик қилиш ҳоллари мустасно.

Эслатиб ўтамиз, илгари Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги учта вазирликда ўтказилган текширувлар давомида мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишининг 398 та ҳолатини аниқлаган эди. Энг кўп ҳолат Қишлоқ хўжалиги вазирлигида кузатилган.

Mavzuga oid materiallar