Сирдарёдаги боғчада икки ёшли тарбияланувчининг ўлими бўйича жиноят иши қўзғатилди

O‘zbekiston

Сирдарё вилоятидаги боғчалардан бирида икки ёшли боланинг ўлими ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган. Маълум бўлишича, болалар боғчасига унинг умумий соғлиғи тўғрисида маълумотнома сўралмаган ва у уч ёшга тўлмасдан муассасага қабул қилинган.

Фото: Ситуатив / Очиқ манбалар

Сирдарё вилоятида хусусий боғчада икки ёшли боланинг нафас йўлларига озиқ-овқат кириб қолиши оқибатида ўлими ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Терговга қадар текширув доирасида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Унинг хулосасига кўра, тарбияланувчи И.С. нафас йўлларининг бекилиши (обтурацион асфикция) оқибатида вафот этган.

Аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлар пункти масъуллари томонидан бола туғилганидан бошлаб аниқланган камқонликни даволаш чоралари кўрилмаган ва унинг аҳволи устидан қатъий назорат ўрнатилмаган.

Бундан ташқари, И.С.ни болалар боғчасига қабул қилишда унинг умумий соғлиғи тўғрисида маълумотнома сўралмаган ва у уч ёшга тўлмасдан муассасага қабул қилинган.

Шунингдек, мутасаддилар унинг саломатлиги билан боғлиқ дастлабки тиббий белгиларни кузатмаган ва малакали биринчи тиббий ёрдам кўрсатмаган.

11 сентябрь куни Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлар пункти масъул ходимларига нисбатан ЖКнинг 116-моддаси (ўз касб вазифаларини лозим даражада бажармаслик), нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан эса 192-11-моддаси 1-қисми (нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar