Германия канцлери Олаф Шольц 15–16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Самарқандда у президент Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказади. Аввалроқ Шольц Марказий Осиё–Германия саммити доирасида 5+1 форматида икки томонлама учрашув ўтказиши ҳақида ёзгандик.
Самарқандга ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар режалаштирилган. Унда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Томонлар савдо-иқтисодий, технологик ва инвестициявий-молиявий шерикликни кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади. Шунингдек, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, кун тартибидан меҳнат миграцияси, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Олаф Шольц икки мамлакат ишбилармон доиралари билан қўшма учрашув ўтказади.