Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида савдо-кўнгилочар хиёбон барпо этиш режалаштирилган. Унда савдо объектлари, дам олиш ва спорт масканлари бўлади. Пойтахт ҳокимлиги ушбу лойиҳани амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни таклиф қилади.
Инвесторлар давлат-хусусий шериклик асосида жамоат савдо-кўнгилочар хиёбонини барпо этишда иштирок этишлари мумкин. Объект инвесторга узоқ муддатли ижарага берилади. Иншоотлар енгил конструкциялардан қурилиши режалаштирилган бўлиб, бу қурилиш жараёнини тезлаштиради.
Бульвар Сергели-8 массивида, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг (4Р21) бир километрлик қисми бўйлаб жойлашади. Лойиҳанинг умумий майдони 3,1 гектарни ташкил этади. Ушбу ҳудудда 250 та контейнер жойлаштирилиб, бульварнинг ўзи 4 та зонага бўлинади.
Гастрономик зонада кафелар, ресторанлар, фаст-фуд шохобчалари ва бошқа муассасалар жойлашади. Спорт зонаси фитнес маркази, баскетбол майдончаси, футбол майдони ва кўча спорти учун бошқа иншоотлар, шунингдек, спорт товарлари дўконларидан иборат бўлади. Савдо зонасини кийим-кечак дўконлари, эко-бозор ва бошқа савдо бинолари ташкил этади. Болалар кўнгилочар зонаси учун эса батут маркази, ўйин майдончалари ва болалар автодроми қурилади.