Тарас Шевченко учун «гастрономик» кўча очилиши 1 октябрга қолдирилди, деб хабар бермоқда Миробод тумани ҳокимлиги.
Кечикишнинг сабаби қўшимча вақт талаб қиладиган ўзгаришлар бўлди. Жумладан, кўча бўйлаб велойўлакдан воз кечиш ҳисобига пиёдалар учун майдон кенгайтирилиши, велосипедчилар эса қатнов қисмида ҳаракатланиши режалаштирилган.
«Биринчи босқичда гастрономик кўча синов тариқасида ишлайди. Келгусида Тарас Шевченко кўчасини транспорт ҳаракати учун ёпиб, пиёдалар кўчасига айлантиришлари мумкин», — дея таъкидлади туман ҳокимлиги.
Шунингдек, баъзи тадбиркорлар ёзги террасаларни яратишда кечикишларга дуч келишди. Уларни ўрнатиш бизнес ҳисобидан амалга оширилмоқда, аммо Миробод ҳокимлиги «Алоқабанк» орқали кредитлар ажратишни ваъда қилган.
Таъкидлаш жоизки, Тарас Шевченкога гастрономик кўча қурилишининг биринчи босқичини якунлаш муддатлари иккинчи марта кўчирилмоқда. Дастлаб, қурилиш ишларини 1 сентябрга қадар якунлаш режалаштирилганди.
Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни туман ҳокими Анвар Сайфутдинов Тарас Шевченко кўчасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Учрашув аввалида ҳоким Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 395-сонли қарорига мувофиқ пойтахтда жозибадор ва фаол туристик муҳит ҳамда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш мақсадида кеча-кундуз ишлайдиган кўнгилочар кўча ташкил этишга қарор қилинганини маълум қилди.