2024 йил август ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори фаолияти пасайган, деб хабар берди ИТИМ.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, август ойида 22 200 та кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган бўлиб, бу июль ойида 23 000 та битим тузилганидан 3,5% га камдир.
Йиллик нисбатда фаолликнинг сезиларли пасайиши кузатилмоқда: уй-жой савдоси 20,8 фоизга камайди. Бу уй-жой сотиб олишга бўлган қизиқишнинг пасайганлигини кўрсатиши мумкин.
2024 йилнинг август ойида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларнинг энг катта пасайиши Сирдарё (22,6%), Хоразм (13,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (9,7 фоиз) қайд этилди.
Ўтган йил билан таққосласак, фаоллик пасайганини кўриш мумкин. Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кўчмас мулк савдоси 30% дан кўпроқ камайди.
Уй-жой ижараси бозори таҳлили
2024 йил август ойида Тошкент шаҳридаги уй-жой ижараси бозорида нархлар барқарорлашиши кузатилмоқда. Ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,3 доллар даражасида қолмоқда, бу ўтган ойдаги кўрсаткичга мос келади.
Ижара нархлари ўтган ойларга нисбатан июль ойида 0,6% га, июнь ойида 1,2% га арзонлашган. Шундай қилиб, икки ойлик пасайишдан сўнг бозор барқарорликни намойиш этмоқда.
Бу турли омиллар, жумладан, ижарачилар фаолиятидаги мавсумий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ўқув йилининг бошига келиб уй-жой ижарасига талаб ортиши мумкин.
Тошкентнинг турли туманларида уй-жой ижараси нархи барқарорлигича қолмоқда. Юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида сақланиб қолмоқда, бу ерда ижара бир квадрат метр учун тахминан 10 долларни ташкил этади.
Бошқа томондан, ижара арзонлиги Бектемир ва Сергели каби ижара майдони квадрат метри 6 доллардан иборат бўлган туманларда буджетли ижарачилар, шу жумладан талабалар учун жозибадорлигича қолмоқда.
Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси ўртача бир квадрат метр учун қарийб 9 доллар бўлган бўлса, йил давомида 7,3% га пасайган. Бу бозорнинг ушбу сегментида умумий камайиш тенденциясини кўрсатади.
Йил давомида ижара ҳақининг энг сезиларли пасайиши Яккасарой (14,8%), Яшнобод (13,3%), Шайхонтоҳур (11,5%) ва Юнусобод (10%) туманларида қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи кўчмас мулк бозори таҳлили
Жорий йилнинг август ойида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари 0,7% га ошди. Ўтган йилнинг август ойидан буён бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 9,7 фоизга ошди.
Иккиламчи маҳсулот нархининг сезиларли ўсиши Хоразм вилоятида — 21,4 фоизга, Сурхондарё вилоятида — 14,6 фоизга, Бухоро вилоятида — 13,4 фоизга ва Қашқадарё вилоятида — 13,3 фоизга қайд этилди.
Тошкентда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бироз пасайганидан сўнг, август ойида бозор барқарорлашди. Уй-жой нархи 0,2% ўсиш билан 1 квадрат метр учун 1128 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи нарх ўзгаришсиз қолди. Биргина Миробод ва Олмазор туманларида уй-жойлар мос равишда 1,7 ва 1,3 фоизга қимматлашди.
Тошкентнинг яна учта туманида нархлар бироз пасайди: Шайхонтоҳурда — 1,1 фоизга, Сергелида — 0,9 фоизга ва Чилонзорда - 0,6 фоизга.
Йил давомида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 4,2 фоизга ошди.