Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 центябр куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё–Германия» иккинчи саммитида иштирок этди.
Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Германия канцлери Олаф Шольц, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, давлат раҳбарлари инвестиция ва технологиялар, муҳим хомашё ресурслари, «яшил» энергетика, транспорт ва логистика алоқалари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида шерикликни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
«Берлиндаги биринчи учрашув ва бугунги тадбир очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш, аниқ амалий натижаларга эришишга интилишимиз муштарак эканини яна бир бор тасдиқлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирда Ўзбекистон президенти устувор соҳалардаги дастурий чора-тадбирлар билан узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф қилди. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун «Марказий Осиё–Германия» таҳлилий марказлар форумини таъсис этиш ва унинг биринчи учрашувини келгуси йили Хивада ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, шунингдек, «Марказий Осиё–Германия» инвесторлар ва тадбиркорлар кенгашини тузиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятларини ўрганиш таклиф этилди.
«Яшил» энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этди.
«Сўнгги йилларда барча мамлакатларимиз қуёш, шамол ва гидроэнергетикани фаол ривожлантирмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқларини модернизация қилмоқда, «яшил» водород лойиҳаларини илгари сурмоқда», — деди Ўзбекистон етакчиси.
Шунингдек, Германия канцлерининг Марказий Осиё табиий шериклигини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлик билдирилди.
«Шериклигимизни чуқурлаштириш йўлидаги энг катта тўсиқ — бу транспорт коммуникациялари, жумладан, ер усти ва ҳаво транспортининг суст ривожланганлигидир», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Шу муносабат билан Мирзиёев Германия томонини Европа институтларини Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга жалб қилишга ёрдам беришга чақирди.
Шунингдек, Мирзиёев 2025 йилда бундай йўналишларнинг транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича қўшма вазирлар конференциясини ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб, қўшма Маданий тадбирлар режасини қабул қилиш, Германиянинг йирик шаҳарларида Марказий Осиё санъати ва киноси кунларини ўтказиш, музей фондларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Илмий-таълим алмашинуви соҳасида етакчи олий таълим муассасаларининг ҳамкорлик платформасини ишга тушириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотларини жалб қилган ҳолда дуал таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш дастурларини ишлаб чиқиш, немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистондаги жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлади.
«Аслида ўз муаммолари билан яккама-якка қолган ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг кучайишига йўл қўймаслик муҳим, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбир якунида Германия ва бошқа европалик шериклар билан минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва Афғонистоннинг тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, жумладан, қизлар ва хотин-қизларни чегара яқинидаги Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлик билдирилди.