ХEC версияси «омикрон» штаммининг мутацияси бўлиб, у дастлаб 2024 йил июнь ойида Германияда аниқланган. Бугунги кунга келиб ХEC 27 мамлакатда қайд этилган.
Мутахассисларнинг башоратига кўра, келаётган қиш мавсумида ХEC версияси устунлик қилади, яъни энг кўп учрайдиган вариант бўлади.
Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков янги штамм ўзбекистонликлар учун жиддий хавф туғдирмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳозирда қўлланилаётган коронавирусга қарши вакциналар барча аниқланган штаммларга, шу жумладан ХEC мутациясига қарши ҳам самарали эканлиги ва янги вакцина ишлаб чиқишга ҳожат йўқлиги қайд этилди.
«Ҳозирги пайтда ХEC штамми Ўзбекистонда қайд этилмаган. Шу билан бирга, бизда COVID-19ʼга қарши вакциналар захираси етарли. Шунинг учун мамлакатимизда кенг кўламли эпидемия ёки пандемия юзага келиш эҳтимоли жуда паст. Бунинг сабаби шундаки, аҳолининг жамоавий иммунитети касаллик қўзғатувчисининг мамлакат бўйлаб кенг тарқалиши хавфини сезиларли даражада камайтиради», — деди Нурмат Отабеков.
Фуқаролар коронавирус мутациялари туфайли ваҳимага тушмасликка ва унга ЎРВИ ва грипп каби мавсумий касаллик сифатида қарашга чақирилди.