Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда маърифий фаолиятни тартибга солувчи қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Сенат маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда ёшлар орасида «соғлом бўлмаган маърифий ишлар» кўпайиб, аҳоли ва ёшларнинг онги, маданияти ҳамда ҳис-туйғуларига турли бегона қарашлар ва ғоялар таъсир кўрсатмоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов муаммонинг зарурий билим ва тажрибага эга бўлмаган «сохта тренерлар» ва маърузачиларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
Шунингдек, у амалдаги қонунчиликда маърузалар, тақдимотлар, семинарлар, маҳорат дарслари, курслар, маърузалар, марафонлар ва давра суҳбатлари каби маърифий фаолият турлари ўз аксини топмаганини қайд этди. «Бу болаларнинг маърифатига салбий таъсир кўрсатмоқда,» дея қўшимча қилди у.
«Таълим тўғрисида»ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан маърифий фаолиятни амалга оширганлик ёки қонунда белгиланган чекловларга риоя қилмаганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,7 млн сўмдан 3,4 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 млн сўмдан 5,1 млн сўмгача) миқдорда жарима жорий этилади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Қонун маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, талаблари ва шартларини, шунингдек бу билан шуғулланиши тақиқланган шахслар доирасини белгилайди. У жамиятда маърифатпарварликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган.
Илгари қабул қилинган қонунга кўра, маърифий фаолият — бу давлат таълим дастурлари доирасидан ташқарида амалга ошириладиган ва шахснинг шахсий, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантиришга, унинг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишга, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этишга, индивидуал кўникма ва коммуникатив қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган фаолият туридир.
Маърифий фаолият ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Қонунда маърифат билан шуғулланиши тақиқланган шахслар рўйхати ҳам белгиланган.
Маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, унинг шакллари, талаблари ва шартлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қонун кучга кириши учун уни президент имзолаши керак.