Рақобат қўмитаси 12 млрд сўмлик ноқонуний давлат харидларини аниқлади

O‘zbekiston

Рақобат қўмитаси 12 млрд сўмлик ноқонуний давлат харидларини аниқлади. Мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан бир қатор ҳудудларда давлат харидлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

2024 йилда жами 4,4 млрд сўмлик тендерлар бузилган. Шу жумладан:

  • Соғлиқни сақлаш бошқармалари — 3,5 млрд сўмлик 2 та;

  • Маданият бошқармалари — 490 млн сўмлик 3 та;

  • Ёшлар ишлари бошқармаси — 250 миллион сўмлик 1 та.

Тошкент шаҳри

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази буюртмаси бўйича 2,1 млрд сўмдан ортиқ, Яшнобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бўйича 1,3 млрд сўмга яқин 3 та тендерда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Андижон вилояти

Андижон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг бошланғич нархи 200 миллион сўмга яқин бўлган ҳамда Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасининг энг яхши таклиф билан 900 миллион сўмга яқин бўлган савдо натижалари бекор қилинди. Шунингдек, Кардиология диспансери томонидан 170 миллион сўмлик савдоларни лозим даражада ўтказмагани бўйича ҳам иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.

Жиззах вилояти

Июль-август ойларида ўтказилган ўрганишлар давомида ижтимоий соҳада ўтказилган тендерларда 850 миллион сўмлик қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Жумладан:

  • 49,9 млн сўм — Жиззах кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийсига;

  • Мирзачўл туман тиббиёт бирлашмасида — 360,8 млн сўм;

  • 210,0 млн сўм РИД Жиззах вилояти филиали ва КИАТМда;

  • Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасида 20 млн сўм;

  • Зафаробод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига 200,0 млн сўм.

Самарқанд вилояти

Оқдарё тумани маданият бўлими томонидан 310 миллион сўмлик, Каттақўрғон шаҳар драма театри томонидан 40 миллион сўмлик тендерлар ўтказилганда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Қашқадарё вилояти

Қарши туман тиббиёт бирлашмаси қарийб 107 миллион сўмлик танлов аукционида аризаларни баҳолаш мезонларини белгилашда қонун бузилишига йўл қўйган.

Наманган вилояти

Наманган муҳандислик-технология институти давлат харидларида 31 та харид аниқланди, бошланғич нархи 610 миллион сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида рақобат чекланиши мумкин.

Сирдарё вилояти

Сирдарё вилоятидаги «Баркамол авлод» болалар мактаби буюртмаси бўйича 162 миллион сўмлик тендер савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган.

Тошкент вилояти

Оққўрғон тиббиёт бошқармаси томонидан қарийб 133 млн сўмлик тендер савдоларида савдо иштирокчиларининг таклифларини баҳолашнинг аниқ тартиби ва тамойиллари белгиланмаганлиги сабабли харид комиссияси томонидан баҳолашни ихтиёрий равишда, ягона ёндашувсиз, балларни тақсимлаш орқали амалга оширилган.

Навоий вилояти

Навоий шаҳар Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасининг 2023 йилда 660 млн сўмлик ва 2024 йилда қарийб 460 млн сўмлик 10 та давлат харидлари бўйича тендер ҳужжатлари ва йиғилиш баённомасидаги мезонлар изчил ишлаб чиқилмаганлиги ва иштирокчилар учун рақобатни чеклашга олиб келиши мумкин бўлган талаблар киритилганлиги аниқланди.

Хоразм вилояти

Вилоят ҳокимлиги давлат бошқаруви органларига келиб тушган ҳужжатлар ва ёзишмалар ўрганилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ мурожаатлари кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси барча даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига «Технопарк» МЧЖнинг маиший ва саноат электротехника маҳсулотлари ҳамда «Ренессанс Ислоҳотлари» МЧЖнинг реклама материалларини сотиб олишни тавсия қилган.

Mavzuga oid materiallar