Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жорий йилнинг 1 декабридан камбағал оилалар реестрини тузишни бошлайди. Ушбу рўйхат «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилалар ҳаётининг ижтимоий шарт-шароитлари ва уларнинг бундай аҳволга тушиб қолиш сабабларини ўрганиш асосида тузилади.
Мазкур чора-тадбирлар президентнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган. Ҳужжатда қайд этилишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оилаларнинг болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган, расман иш билан банд бўлмаган оила аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки ўз ишини очганда, ушбу нафақа ва ёрдамларни тўлаш уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга давом эттирилади.
Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг камида бир ярим баравари миқдорида ойлик иш ҳақи билан ишга жойлашадиган, камбағал оилалар реэстрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ 3 йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.
Камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш ижтимоий шартнома асосида амалга оширилади, унда оила аъзоларининг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлигини таъминлаш, томорқа ерларидан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун самарали фойдаланиш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва оила аъзоларининг барчаси, шу жумладан, болалар хорижий тилларни ўрганиши, шунингдек, уларнинг саломатлиги ва уй-жойларини озода ҳолатда сақлашни назорат қилиш каби шартлар ҳисобга олинади.