Саида Мирзиёева Лондондаги Британия музейида Silk Roads кўргазмасини очди.
«Кўргазмада Ўзбекистон музейларидан тўпланган, бой тарихий ва маданий меросимизни акс эттирувчи нодир, қимматли осори атиқалар намойиш қилинади», — деди у.
Экспозицияда Варахша саройининг Қизил зали деворий расми, қопқоқли оссуарий, суғдий ёзувли кумуш идиш, Кофир қалъадаги кўза ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейидаги бошқа ноёб археологик топилмалар намойиш этилган.
Кўпгина буюмлар Лондонда биринчи марта намойиш этилган, жумладан, энг қадимги шахмат фигуралари тўпламларидан бири ва Афросиёбдаги «Элчилар зали»даги олти метрли монументал деворий сурат.
«Ишончим комилки, ушбу лойиҳа Ипак йўли тарихи ва маданиятига қизиқувчиларга илҳом бағишлайди, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ривожлантириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларимизни ифода этади», — деди Мирзиёева.