Зироат Мирзиёева амбулатор шароитда даволанаётган ва узоқ вақт мактабга қатнай олмайдиган болалар учун мўлжалланган «Меҳрли мактаб» госпитал мактаби филиалига ташриф буюрди.
4 сентябрь куни Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги биринчи амбулатория мактабида бошланғич ва мактабгача таълим бўйича ўқитиш йўлга қўйилди.
«Бу ерда турли йўналишлар бўйича ривожлантирувчи тўгараклар очилган, болалар арт-терапия билан шуғулланишади. Шунингдек, болалар, ота-оналар ва педагоглар учун психологик-педагогик ҳамроҳлик хизмати ҳам мавжуд. Мактабнинг барча профессионал таркиби госпитал муҳитида ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтди», — дейилади Жамғарма хабарида.
Ташриф давомида «Замин» жамғармаси Васийлик кенгаши раиси болалар ва ота-оналар билан самимий суҳбатлашди. У ўқитувчи ва мураббийларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, уларга ўзларининг олижаноб вазифасига кўрсатаётган меҳр-муҳаббати учун чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билдирди.