Тelegram ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қоидаларни бузганларнинг IP манзиллари ва телефон рақамларини асосли юридик сўровларга жавобан ошкор қилиши мумкин, бу жараён 2018 йилда йўлга қўйилган, деди мессенжер асосчиси Павел Дуров.
Унинг сўзларига кўра, жиноятчилар ноқонуний товарларни сотиш учун Telegram'даги қидирувдан фойдаланган, аммо сўнгги бир неча ҳафта ичида модераторлар жамоаси мессенжерда қидирувни анча хавфсиз қилди ва шунга ўхшаш контент энди мавжуд эмас.
«Келгусида жиноятчиларни Telegram қидирувини суиистеъмол қилишдан сақлаш учун биз хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатимизни янгиладик, уларнинг бутун дунё бўйлаб бир хиллигини таъминладик», — деди Дуров.
Шунга қарамай, мессенжерда ноқонуний контентни топа олганлар @SearchReport боти орқали шикоят қилиши мумкин, деди мессенжер асосчиси.
Нашр эълон қилинган пайтда бот ўзбекистонлик фойдаланувчининг сўровига кўра, 2024 йил бошидан бугунга қадар Теlegram Ўзбекистонга ҳеч бир фойдаланувчининг телефон рақами ва IP-манзили ҳақида маълумот бермаганлиги ҳақида хабар берган.