Сўнгги 8 ойда 37 мингга яқин фуқарога 9,9 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, деб хабар берди Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раҳбари Нодир Комилов.
Шунингдек, Марказий банк вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистон уй-жой бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолини уй-жой билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Аҳолига берилган ипотека кредитлари таҳлил қилинганда, жорий йилнинг 8 ойи давомида қарийб 37 минг нафар фуқарога 9,9 трлн. сўм ипотека кредитлари берилган бўлиб, 1 сентябрь ҳолатига ушбу кредитлар қолдиғи 63,6 трлн. сўмни ташкил этиб, 2021 йил бошига нисбатан 2,2 баробарга ошган.
Жорий йилда ажратилган ипотека кредитларининг 56 фоизи (5,6 трлн сўм) марказлашган маблағлар, 33 фоизи (3,2 трлн сўм) банкларнинг ўз маблағлари, 11 фоизи (1,1 трлн сўм) «Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ маблағлари ҳиссасига тўғри келади.