Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Зангиота туманидаги «Technologies of real time» Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари заводнинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, ишчилар билан суҳбатлашди. Корхона шоурумида тайёр маҳсулот намуналарини кўздан кечирди.
Шунингдек, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 2025 йилда 1,15 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада BYD, Chery, Changan, Geely, Dongfeng каби янги автомобиль брендлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Лойиҳа натижасида 43 та янги иш ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қуввати 180 мингдан 280 мингтага етказилади.
«Сўнгги йилларда автомобиль ишлаб чиқариш қарийб 3 баробар кўпайди, жорий йил якунига қадар 460 минг донага етиши кутилмоқда. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 1 миллионга етказиш режалаштирилган», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Маълум қилинишича, саноатда монополияни бартараф этиш ва рақобатни ривожлантириш учун 2 та янги хусусий корхона ва нуфузли хорижий брендлар жалб этилган. Айни пайтда йигирмадан зиёд заводда ўнлаб турдаги автомобиллар, юк ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, тармоқда эҳтиёт қисмларга талаб катта. Бу йўналишда 300 дан ортиқ корхона ягона кооперация тармоғига бирлаштирилди. Улардан бири «Реал вақт технологиялари»дир.
Шунингдек, бу ерда 12 та цехга Хитой, Россия, Корея Республикаси, Япония ва АҚШдан ускуналар келтириб ўрнатилган. Бугунги кунда 118 та турли русумдаги автомобилларнинг юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 750 дан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
«Technologies of real time»да 220 га яқин иш ўрни яратилди. Ходимлар корхонада ташкил этилган мономарказда курсларда ўқитилиб, кейин ишга қабул қилинади. Маҳсулотлар бутун Ўзбекистон бўйлаб етказиб берилади. Хусусан, Хоразм вилоятидаги «Ўзавто моторс» заводига «Дамас» ва «Лабо» автомобиллари учун 773 минг дона эҳтиёт қисмлар етказиб берилди.
Автомобиль эҳтиёт қисмларини техник кўрикдан ўтказиш ва синовдан ўтказиш учун замонавий лаборатория ташкил этилди. Корхона маҳсулотлари IATF 16949:2016, ISO 9001:2015, ISO 45001:2020 ва БИОС «Jeneral Motors» халқаро сифат сертификатларига эга.
Шундан келиб чиқиб, корхона маҳсулотига хорижда ҳам талаб юқори. Хусусан, ўтган йили Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Украина, Бирлашган Араб Амирликларига 3 миллион долларлик эҳтиёт қисмлар етказиб берилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида 2 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди.
2018 йилдан буён корхона ўз маҳсулотлари билан Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой ва Россияда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи давомида Янгийўл туманидаги «Тинчлик» кичик саноат зонасида бўлиб, қатор корхоналар фаолияти, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди.
Саноат зонаси тўрт йил олдин ўттиз олти гектар майдонда ташкил этилган. Муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, ички йўллар ва бинолар қурилди, ишлаб чиқариш учун қулай шароитлар яратилди.
Зонада қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати бўйича 15 та лойиҳа жойлаштирилган. Улардан 10 таси ишга туширилган. Ўтган йили корхоналар томонидан 295 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Жорий йил якуни билан бу кўрсаткични қарийб икки баробарга ошириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда корхоналарда 1 минг 500 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Барча лойиҳалар ишга тушгач, аҳоли бандлиги янада ошади.
Лойиҳа қиймати 40 миллион доллар бўлиб, унга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган. Хитой, Япония, Россия, Туркия, Италия, Испания, Германия ва Нидерландиядан ускуналар келтирилди. Бу маҳсулот сифати ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Корхона 1500 кишини иш билан таъминлаш қувватига эга. Зарур мутахассисларни тайёрлаш учун «амалий мономарказ» ташкил этилди. Ўқув хоналари ва лабораториялар замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Таълим дастури Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.