Тошкентда пуллик автотураргоҳ тарифлари тасдиқланди

O‘zbekiston

Тошкент шаҳрида пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш тартиби ва тарифлари тасдиқланди. Нархлар шаҳар бўлинадиган бешта зонадан келиб чиққан ҳолда белгиланган —соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтда транспорт воситалари учун пуллик тўхташ жойлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Хусусан, автомобиллар учун пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш тартиби ва улардан фойдаланиш тарифлари тасдиқланди. Нархлар тариф зоналари бўйича табақалаштирилган ва соатига 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача:

  • 1-зона - 1 соат учун 12 минг сўм;

  • 2-зона - 1 соат учун 10 минг сўм;

  • 3-зона - 1 соат учун 8 минг сўм;

  • 4-зона - 1 соат учун 6 минг сўм;

  • 5-зона - 1 соат учун 5 минг сўм.

«Toshkent Invest» компанияси 2025 йил 1 январга қадар ҳокимлик ҳузуридаги Тошкент тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Пулли автотураргоҳлар» ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириши, шунингдек, ушбу тизимга янги пуллик автотураргоҳлар учун ускуналар уланишини таъминлаши керак. Бу компания тизим оператори бўлади.

«Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа ер эгалари (ташкилотлар, инвесторлар ва бошқа шахслар) пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш учун "Тошкент Инвест"га мурожаат қилишлари мумкин. У 20 кун ичида аризаларни кўриб чиқади, Тошкент шаҳар ҳокимининг автотураргоҳ ҳудуди чегараларини белгилаш бўйича қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун ҳокимликка киритади», — дейилади хабарда.

Автотураргоҳ чекланмаган миқдордаги шахслар фойдаланиши учун мўлжалланган умумий фойдаланиш жойи ҳисобланади. Автотураргоҳ ҳудуди автомобиль йўли ва кўчанинг ЙҲҚга мувофиқ тегишли йўл белгилари ва режа билан белгиланган бутун қисмини ўз ичига олади.

Автотураргоҳларда, шу жумладан савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш объектлари, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар яқинида тўхташ учун имтиёзли рухсатномага эга бўлган автомобилларни бепул жойлаштириш учун камида 5 фоиз жой (лекин камида битта жой) ажратилиши керак.

Тўлов техник операторга (тўхташ жойи эгасига) "Пулли тўхташ жойлари" биллинг тизими маълумотлари асосида нақд пулсиз шаклда ҳам, нақд пул шаклида ҳам (агар бу техник ускуналарда назарда тутилган бўлса) амалга оширилади. Оператор маблағларнинг бир қисмини ижара шартномасига мувофиқ Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасига ўтказади.

Mavzuga oid materiallar