Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилди.
Маълум қилинишича, «Манас» постида Фарғона - Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автомобиль тўхтатилган. У кўздан кечирилганда юкхонадан 153 минг донадан ортиқ 5 турдаги пиротехника ва мушаклар топилди.
Ҳозирда вақтинчалик сақлашда бўлган пиротехникаларнинг умумий қиймати 150 млн сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2009 йил охирида ҳукумат қарори билан Ўзбекистон ҳудудига пиротехника воситаларини олиб кириш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланди. Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, уларни Ўзбекистондан қонунга хилоф равишда олиб кириш ёки олиб чиқиш, шунингдек, ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 1,7 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.