Бухорода икки ойда саксовулни ноқонуний кесиш бўйича 25 та ҳолат аниқланди

O‘zbekiston

Бухоро вилоятида сентябрь ва октябрь ойларида ўтказилган назорат рейдлари давомида саксовул билан боғлиқ 25 та қоидабузарлик ҳолати аниқланди. Ушбу нохуш ҳодисалар натижасида табиатга етказилган зарар қарийб 30 миллион сўмга етган.

Фото: кадр из видео / пресс-служба Минэкологии

Бухоро вилоятида саксовулни ноқонуний кесишнинг олдини олишга қаратилган текширувлар давом этмоқда, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Сентябрь ва октябрь ойларида вилоятнинг чўл ҳудудларида ўтказилган рейдлар давомида 25 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган. Қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79 моддаси 1 қисмига асосан маъмурий баённомалар тузилди.

Ушбу ҳодисалар натижасида табиатга етказилган зарар 29 миллион 702 минг 400 сўмни ташкил этган. Қоидабузарларга жами 222 миллион 900 минг сўм миқдорида жарима солинди. Қоидабузарлар тўлаши керак бўлган умумий сумма 252 миллион 602 минг 400 сўмни ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, Экология вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан саксовулнинг ноқонуний кесилишига қарши курашиш бўйича мамлакат бўйлаб мунтазам равишда текширувлар ўтказиб келинмоқда. Бу соҳадаги ҳар қандай қоидабузарлик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Mavzuga oid materiallar