Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Тошкент Инвест» компанияси билан биргаликда пойтахт тадбиркорларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида Янгиҳаёт туманида жамоат савдо-кўнгилочар хиёбонини ташкил этиш бўйича экологик лойиҳада иштирок этишга таклиф этади.
Ушбу хиёбон болалар билан дам олиш, гастрономия, кўнгилочар тадбирлар ва шаҳар ҳаёти учун маскан бўлади, - дейилади шаҳар ҳокимлиги хабарида.
Мақсадга кўра, хиёбон туман аҳолисига спорт ва савдо-сотиқ билан шуғулланиш имконини беради.
Лойиҳа иншоотлари енгил конструкциялардан қурилади, бу инвесторлар учун қурилиш жараёнини тезлаштиради, дейилади хабарда.
Дастлабки босқичда лойиҳа қуйидагиларни ўз ичига олади:
гастрономик зона: кафе, ресторан, фаст-фуд ва бошқа муассасалар;
спорт зонаси: фитнес маркази, баскетбол майдончаси, футбол майдони ва кўча спорти учун бошқа иншоотлар, шунингдек спорт товарлари дўконлари;
савдо зонаси: кийим-кечак дўконлари, эко-бозор ва бошқа савдо бинолари;
болалар кўнгилочар зонаси: батут маркази, ўйин майдончалари ва болалар автодроми.
Лойиҳа майдони 3,1 гектарни, бульварнинг режалаштирилган узунлиги эса 1 километрни ташкил этади. Савдо майдончаларини жойлаштириш учун контейнерларнинг режалаштирилган сони — 250.
Маъмуриятнинг таъкидлашича, объект давлат-хусусий шериклик шартлари асосида инвесторга узоқ муддатли ижарага берилиши мумкин.
Манзил: Янгиҳаёт тумани, Сергели-8 турар-жой мавзеси ҳудуди, Тошкент ҳалқа йўли (4Р21) бўйлаб.
Қайд этилишича, лойиҳа учун дастлабки концепция ишлаб чиқилган бўлиб, у билан «Toshkent Invest» компаниясига мурожаат қилиб танишиш мумкин.