Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Рақобатни ривожлантириш қўмитасига аэропорт ва авиакомпанияларда хизмат кўрсатиш сифатидан норози бўлган йўловчилардан икки юздан ортиқ мурожаат келиб тушди. Йўловчилар ўз мурожаатларида рейсларнинг кечикиши ҳақида ўз вақтида хабардор қилинмагани, багаж шикастланган тақдирда уни ташиш қиймати тўлиқ қопланмагани, шунингдек, парвоз вақтида хизмат кўрсатишнинг талаб даражасида эмаслиги ҳақида шикоят қилишган.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасида аниқланишича, Air Samarkand авиакомпанияси йўловчиларга бизнес-класс чипталарини сотиб олишда кўзда тутилган хизматларнинг тўлиқ ҳажмини тақдим этмаган. Шикоятни кўриб чиқиш натижасида йўловчига 10 160 000 сўм тўлиқ қайтарилган.
Шунингдек, Қўмитага ўз оиласи учун жами 21 573 624 сўмлик авиачипта сотиб олган Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Н.С.дан мурожаат келиб тушди. Бироқ рейс авиакомпаниянинг айби билан кечиктирилди ва йўловчилар Туркияга ўз вақтида учиб кета олмадилар. Тадқиқот давомида мурожаатда кўрсатилган болалар паспортларининг амал қилиш муддати 2024 йил октябрь ойида тугаши Туркия қонунчилиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бундан ташқари, авиакомпаниянинг расмий сайти орқали чипта сотиб олишда паспорт маълумотларини киритиш керак ва тизим паспортларнинг амал қилиш муддати Туркия талабларига мос келмаслиги ҳақида огоҳлантирмасдан чипта сотган. Ўтказилган ўрганиш натижасида расмий веб-сайтга тегишли маълумотлар киритилиб, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг авиачиптаси учун тўланган 21 573 624 сўм миқдори йўловчига тўлиқ қайтарилди.