Йил бошидан буён Ўзбекистон божхоначилари бир тоннага яқин гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

O‘zbekiston

Ўзбекистон божхона хизмати 2024 йилнинг тўққиз ойи якунларини сарҳисоб қилди. Олиб қўйилган гиёҳванд моддалар миқдори 888 кг атрофида бўлган. Шунингдек, 400 мингдан ортиқ психотроплар, 34 та қурол ва 1187 та ўқ-дори мусодара қилинди.

2024 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон божхона органлари томонидан 888 кг гиёҳвандлик воситалари ва 406 минг дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси ҳайъатининг божхона органлари фаолияти якунларига бағишланган йиғилишида сўз юритилди.

Бундан ташқари, жорий йилда мутахассислар томонидан 59 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари, шунингдек, 34 дона қурол ва 1187 дона ўқ-дориларни чегарадан ноқонуний ўтказишга уринишлар аниқланган.

Шунингдек, хатарларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш тадбирлари давомида 757 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Чегарада импорт товарларни божхона кўригидан ўтказиш самарадорлиги оширилди, бунинг натижасида 356 млрд сўмлик ноқонуний товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Йил давомида давлат бюджетига 38 трлн сўм божхона йиғимлари келиб тушди, дея таъкидлади қўмита.

Mavzuga oid materiallar