24 октябрь куни UZCARD FORUM 2024 да икки компания: «Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (UZCARD) ва «Банклараро процессинг маркази» ёпиқ акциядорлик жамияти (Қирғизистондаги «Элкарт» Миллий тўлов тизими оператори) ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ҳамкорликнинг асосий мақсадлари - трансчегаравий тўловлар учун янги технологиялардан фойдаланиш, соғлом рақобатни қўллаб-қувватлаш ва янги рақамли ечимларни илгари суриш.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари:
трансчегаравий тўлов, нақд пул ва пул ўтказмаларини ечиб олиш операцияларини соддалаштириш.
замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ва тўлов хизматлари бозорида янги ечимларни қўллаб-қувватлаш.
одамларга электрон тўловлар ҳақида маълумот бериш ва уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш учун кампаниялар ўтказиш.
ҳисоб-китоблар тизимини яхшилаш ва молиявий хизматлар сифатини ошириш учун лойиҳаларни яратиш ва амалга ошириш.
Қирғизистоннинг «Банклараро процессинг маркази» ЁАЖ бошқаруви раиси Каникей Жамангулованинг айтишича, ҳамкорлик доирасида Uzcard пластик карталари эгалари Қирғизистон ҳудудида тўловларни амалга оширишлари ва маблағларни нақдлаштиришлари мумкин бўлган механизм ҳам жорий этилади, худди шу каби Қирғизистон карталари Ўзбекистонда ҳам ишлайди. Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади, банкоматлар ва касса аппаратлари тайёрланади. Ишни 2025 йилгача якунлаш ваъда қилинган.