23 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Renessans Hall анжуманлар залида «Ўзбекистонда ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» ва «Ўзбекистонда халқаро маданий мерос ҳафталиги» доирасида ташкил этилган «Яшил ўсиш ва барқарор туризм» сессияси бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) офиси раҳбари Аарон Рассел, шунингдек, БМТ ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) мутахассислари сўзга чиқдилар, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Учрашувда Ўзбекистоннинг яшил ўсиш ва барқарор туризм соҳасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жусупбек Казбеков сўнгги уч йилда «Яшил Макон» лойиҳаси доирасида 646 миллион туп дарахт ва буталар экилгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари, 14 та янги қўриқланадиган табиий ҳудудлар ташкил этилиб, ўрмон майдонлари 7 фоиздан 8,1 фоизга етказилди. Ўзбекистон, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида 1,9 миллион гектар майдонда «яшил қопламалар» яратиб, экологик вазиятни яхшилаш устида фаол ишламоқда.
Бундан ташқари, мамлакатнинг бир қатор табиий ҳудудлари ЮНЕСКО ва Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилгани, илмий тадқиқотларни ривожлантириш доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети «Green University» ташкил этилгани қайд этилди. Бошқа давлатлар экспертлари барқарор туризм ва иқлим муҳофазасига бағишланган маърузалар билан иштирок этиб, ушбу мақсадларга эришиш учун халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидладилар.
GGGI ва GIZ барқарор қишлоқ хўжалиги ва экологик тоза биноларга инвестицияларни жалб қилишга қаратилган яшил ривожланиш лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистонга ёрдам беришни давом эттирмоқда.