«Баъзи жойларда аёз бўлиши мумкин»: синоптиклар ноябрда об-ҳаво қандай бўлишини маълум қилди

O‘zbekiston

Синоптиклар Ўзбекистонда ноябрь ойи учун об-ҳаво таҳлилини тайёрлади. Ой ўзгарувчан об-ҳаво билан бошланади: ёмғир ва тунги аёзлар кутилмоқда. Ноябрь давомида тунда ҳарорат +10 даражадан 0...+5 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ҳарорат ўта пасайиб кетиши эҳтимоли бор.

Ноябрь — кузнинг сўнгги ойи бўлиб, одатда ҳароратнинг кескин ўзгаришлари билан тавсифланади. Ўзгидрометнинг ойлик об-ҳаво таҳлилида айтилишича, ноябрнинг ўртача ҳарорати октябрга нисбатан 5-7 даража паст бўлади.

3 ноябрга келиб ҳаво ҳарорати кечаси +10...+12 даражагача, кундузи +23...+25 даражагача кўтарилади.

Келгуси ҳафтадан бошлаб шимолий ҳудудларга нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда, бу кейинги кунларда республиканинг барча минтақаларига таъсир кўрсатади.

4 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 5-7 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғади, тоғли жойларда қорга айланади. 7 ноябрга келиб ҳарорат кечаси +6...+9, кундузи +12...+17 даражагача пасаяди.

Кейинчалик ой давомида шимолий ҳудудларда тунда ҳарорат 0...+5 даражадан -5...-10 даражагача, кундузи +12...+17 даражадан 0...+5 даражагача ўзгариб туради.

Жанубий ҳудудларда тунда ҳарорат +5...+10 даражадан -3...+2 даражагача, кундузи +18...+23 даражадан +7...+12 даражагача ўзгаради. Марказий ва шарқий вилоятларда тунда ҳарорат +2...+7 даражадан -3...-8 даражагача, кундузи +15...+20 даражадан +3...+8 даражагача ўзгариб туради.

Тошкентда 31 октябрдан 3 ноябргача ёғингарчилик эҳтимоли паст, ҳарорат аста-секин кўтарилиб, 3 ноябрга бориб кечаси +9...+11, кундузи +23...+25 даражани ташкил этади.

Mavzuga oid materiallar