Эронда талаба қиз ҳижобга қарши норозилик сифатида кўчада ечинди

Dunyo

Теҳронда талаба аёл ҳижоб кийиш қоидаларига масъул шахсларнинг тазйиқига норозилик билдириш учун ички кийимларигача ечинди. Бунинг оқибатида уни калтаклашди ва олиб кетишди.

Теҳрондаги Озод Ислом университети талабаси ҳижоб кийишга қарши норозилик билдириш мақсадида ички кийимларигача ечинди ва шу ҳолатда кампус бўйлаб юрди. Шу сабабли уни калтаклаб, олиб кетишди.

Интернетда университетнинг илмий-тадқиқот бўлими ҳовлисида яланғоч қиз турган видео тарқалди. Кейинчалик бир нечта эркак талаба қизни машинага мажбурлаб тиқиб, номаълум йўналишга олиб кетаётгани акс этган лавҳалар пайдо бўлди. Университет вакили Амир Маҳжубнинг маълум қилишича, қиз ҳибсга олинган, унинг ҳаракатларининг сабаблари ўрганилмоқда.

Қиз «Басиж» ҳарбий ташкилоти аъзолари томонидан ҳижобни нотўғри кийгани учун таъқиб қилинган.

Ташкилот вакиллари унинг эгнидаги диний кийимини тортиб олишган, кейинчалик ҳибсга олиш пайтида талаба қиз калтаклангани маълум бўлди.

Эронда ҳижоб киймайдиган аёллар учун жазо чоралари кучайтирилди

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Эрон парламенти жамоат жойларида ҳижоб киймайдиган аёлларга нисбатан жазони кучайтирадиган қонун қабул қилганди.

«Ахлоқ ва ҳижоб маданиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий саломатлигини ҳимоя қилиш» мақсадидаги қонун лойиҳаси аёлларни гавжум жойларда ҳижоб ва тегишли кийим-бош киймаганлик учун жарима тўлашга мажбур қилади. Ўшанда жарима миқдори тахминан саккиз миллион туман (18,4 миллион рубль) атрофида бўлиши маълум қилинганди. Агар жарима бир ой ичида тўланмаса, унинг миқдори икки бараварга оширилиши мумкин.

Қўшимча жазо сифатида аёлни ишдан бўшатиш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан 12 ой муддатга маҳрум қилиш мумкин. Аёл такроран қонунбузарлик қилса, олти ойдан уч йилгача қамоқ жазосига тортилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва интернетда ҳижоб киймаганлигини намойиш қилганлар учун ҳам алоҳида жазо чоралари кўзда тутилган.

Mavzuga oid materiallar