АҚШда эркак олмахонни қутқариб, ишини ташлаб, бошпана очди: ҳокимият ҳайвонни тортиб олиб, ўлдирди

Dunyo

Нью-Йорк штати ҳокимияти Instagramʼда 600 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган Ёнғоқ номли олмахонни ухлатиб қўйди. Ҳайвон ноқонуний сақлангани учун эгаларидан тортиб олинди ва қутуриш белгиси бор-йўқлигини текшириш мақсадида ўлдирилди.

Associated Press хабар беришича, Нью-Йорк ҳокимияти маҳаллий фуқаро Марк Лонгодан олиб қўйилган Ёнғоқ исмли олмахон ва Фред исмли енотни ухлатишга қарор қилди. Бу маълумот Хемунг округи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш департаментлари расмийларидан олинган.

Лонгонинг айтишича, у 2017 йилда онаси йўл транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганидан кейин йўл четидан олмахон боласини топган. У саккиз ой давомида унга ғамхўрлик қилган, сўнгра уни табиатга қайтаришга уринган, аммо олмахон унга жароҳатлар билан қайтиб келган. Унинг мустақил яшай олмаслигини тушуниб, Лонго уни ўзида қолдирган ва Ёнғоқ деб атаган.

Кейинчалик Лонго олмахон билан видеоларни ижтимоий тармоқларда жойлай бошлаган ва Ёнғоқ машҳур бўлиб кетган — мақола ёзилган пайтда унинг Instagramʼда 600 мингдан ортиқ обуначиси бор эди. Associated Press таъкидлашича, уларнинг тарихи Америка матбуоти ва телевидениесида бир неча бор муҳокама қилинган.

Дастлаб, Лонго муҳандис бўлиб ишлаган ва Коннектикутда яшаган, аммо Ёнғоқ билан учрашгандан сўнг у Нью-Йоркдаги Пайн-Сити шаҳарчасига кўчиб ўтган ва у ерда 2023 йилда олмахон шарафига P’Nuts Freedom Farm деб номланган ҳайвонлар учун бошпана очган. Ҳозирда бошпанада 300 га яқин ҳайвон, жумладан, отлар, эчкилар ва алпакалар яшайди.

30 октябрь куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти ходимлари Лонгонинг уйига келиб, у яқинда бошпана берган ва реабилитациядан кейин қўйиб юбормоқчи бўлган Ёнғоқ ва енвот Фредни олиб қўйишди. Лонгонинг сўзларига кўра, текширув ордерсиз ўтказилган ва уни худди жиноятчидек тинтув қилишган.

Департамент вакили айтишича, улар қутуриш ташувчиси бўлиши мумкин бўлган ёввойи ҳайвонларни сақлаш бўйича кўплаб шикоятлар олган. Натижада текширув бошланиб, у Лонгога ташриф буюришга олиб келган.

Департамент сайтида айтилишича, одамлар ёввойи ҳайвонларга уй ҳайвонлари сифатида қарамасликлари керак, чунки бу ноқонуний ва соғлиқ учун хавфли. Махсус тайёргарликсиз сақланган ҳайвонлар ёввойи табиатда яшай олмаслиги мумкин.

Лонго штат қонунларига кўра, ёввойи ҳайвонларни лицензиясиз сақлаш тақиқланганини тан олган ва керакли ҳужжатларни олишга ҳаракат қилган. Бироқ у ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилиб, жазолаш ўрнига уларга қонунларга қандай риоя қилишни кўрсатиш кераклигини таъкидлаган.

Ёнғоқ олиб қўйилгандан сўнг 45 мингдан ортиқ киши уни эгасига қайтаришни талаб қилиб, ҳимоя қилиш учун петицияга имзо чеккан.

2 ноябрь куни Ёнғоқ терговда иштирок этган ходимлардан бирини тишлаб олганидан кейин олмахон ва енот ухлатилгани маълум бўлди. Мутасаддилар ҳайвонлар билан мулоқотда бўлган барчага шифокорга мурожаат қилишни тавсия қилишди.

Лонго ҳокимият ҳаракатлари натижасиз қолмаслигини айтди, аммо қандай чоралар кўришни режалаштираётганига аниқлик киритмади. Унинг айтишича, ҳайвонларни олиб кетишаётганда Ёнғоқ кимнидир тишлаганини кўрмаган.

«Мен яшаётган давлат мени нишон сифатида танлаганига ва иккита севимли жониворимни ҳатто карантинга ҳам қўймай олиб кетганига ҳозиргача ишониш қийин. Улар шунчаки уларни уйимдан олиб кетишди ва ўлдиришди», — деди Лонго AP’га берган интервьюсида.

Ҳайвонларнинг олиб қўйилиши ва кейинчалик ухлатилиши тарихи катта акс-садо уйғотди. Ёнғоқни ҳимоя қилиш учун петиция бўлиб, 45 мингдан ортиқ имзо тўпланган. Ҳайвонлар ўлими ҳақида миллиардер Илон Маск Х ижтимоий тармоғида изоҳ берди. У АҚШ ҳокимиятини олмахонни «ўғирлаш»да айблади.

Mavzuga oid materiallar